Европанинг икки клуби Винисиусни ўз сафига қўшиб олишга тайёр
“Реал” клуби ҳужумчи Винисиус Жуниор билан шартномани узайтириш бўйича олиб бораётган музокараларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Испаниянинг Fichajes нашри хабар берди.
Манбага кўра, Винисиус янги келишув бўйича шошилмаяпти. Бразилиялик футболчи “Реал”даги энг кўп маош олувчи ўйинчига айланишни истамоқда. Бироқ клуб раҳбарияти бу талабни қондириш ниятида эмас. Натижада томонлар ўртасидаги музокаралар ҳозирча тўхтаб қолган.
Бундан Европанинг бошқа жамоалари унумли фойдаланмоқчи. Хусусан, “Пари Сен-Жермен” ва “Манчестер Сити” жамоалари Винисиусни ўз сафларига қўшиб олишга тайёр. Манбада айтилишича, ҳар икки клуб унга “Реал”дан кўра молиявий жиҳатдан афзалроқ таклиф тайёрламоқда.
Маълумот учун, Винисиус Жуниор 2018 йилдан бери “Реал” сафида тўп суради. У клуб шарафини 322 та ўйинда ҳимоя қилиб, 106 та гол ва 83 та голли узатмага муаллифлик қилган. Футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали бразилиялик ҳужумчининг трансфер қийматини 170 миллион евро деб баҳолаган.