Европада фақат иккита клуб мавжудки, жорий мавсумда учта совринни қўлга киритиш имконияти сақланиб қолган
Айни пайтда фақат ПСЖ ва Барселона “требл” — миллий чемпионат, миллий кубок ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш имкониятига эга. Иккала жамоа ҳам ўз мамлакат чемпионатларида (Франция ва Испания) пешқадам бўлиб турибди ва миллий кубок финалига ҳам йўл олган. Чемпионлар лигаси бўйича эса парижликлар ва каталонияликлар фақат финалдагина ўзаро тўқнаш келиши мумкин.
Аввалроқ “требл” учун Интер ҳам кураш олиб бораётган эди - жамоа Италия чемпионатида етакчи бўлиб, Чемпионлар лигасида ҳам иштирокини давом эттираётганди. Бироқ Италия кубоги ярим финалида Миландан учралган мағлубият орқали бу имкониятдан маҳрум бўлди.
Айни пайтда ПСЖ Франция чемпионлигини муддатидан олдин таъминлади. Чемпионлар лигаси ярим финалида парижликлар Лондоннинг Арсеналига қарши ўйнайди, Барселона эса Интер билан тўқнашади.