Эшли Коул Б Серия клуби бош мураббийига айланиши мумкин
«Челси» ва Англия миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Эшли Коул Италия Б Серияси вакили «Чезена» клуби билан бош мураббийлик лавозимига тайинланиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
45 ёшли мутахассис Ли Карсли бошчилигидаги Англия U21 ёшлар терма жамоаси мураббийлар штаби таркибини тарк этиши кутилмоқда. «Чезена» президенти Майк Мелби билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, Коулнинг тайинланиши ҳақида яқин кунларда расмий баёнот берилиши кутилмоқда. Айни дамда «Чезена» турнир жадвалида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди ва плей-офф босқичига чиқиш учун кураш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Коул бунгача Фрэнк Лэмпард қўл остида «Эвертон»да, Уэйн Руни билан «Бирмингем»да ҳамда Ли Карсли билан Англия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритган. «Чезена»даги иш унинг бош мураббий сифатидаги илк тажрибаси бўлади.
Эшли Коул футболчилик фаолияти давомида «Арсенал» ва «Челси» клубларидаги ўйинлари билан кўпроқ танилган. У Англия миллий терма жамоаси сафида жами 107 та учрашувда майдонга тушган.