Эржан Токотаев “Андижон”да асосий дарвозабон бўлди
Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Эржан Токотаев “Андижон” жамоасида рақобатни ютди ва асосий дарвозабон сифатида қайд этилди. Аввалроқ клуб украиналик дарвозабон Артём Одинцов билан шартнома имзолаган эди, бироқ уни рўйхатдан ўтказишнинг имкони бўлмади.
“Championat.Asia” манбасининг маълум қилишича, бунга ёзги трансфер ойнасидаги лимит сабаб бўлган — жамоа фақат 23 ёшдан катта бўлган 5 нафар майдон ўйинчиси ва 1 нафар дарвозабонни рўйхатга кирита олади. Шунга кўра, клуб охирги танловни Токотаев фойдасига қилган.
Аввалига Эржан ҳам Баклов билан “Уфа”да юз берган вазиятга тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор эди. Эслатиб ўтамиз, ўшанда Бакловга асосий таркиб ваъда қилинган, лекин кейин биринчи рақам сифатида Беленов олинганди. Бироқ бу ҳолда барчаси оддий — “Андижон” Токотаевни Одинцов билан бирга эмас, айнан унинг ўрнига танлаган.
Энди эса Артём Одинцов тақдири очиқ қолмоқда — катта эҳтимол билан у билан шартнома бекор қилиниб, товон пули тўланади.
Шу билан бирга, қувонарлиси шундаки, Эржан тажрибали рақибни ортда қолдирди. Одинцов охирги олти мавсумда Венгриянинг юқори лигасида ўйнаган ва Европа мусобақаларида иштирок этган дарвозабон ҳисобланади.