Эртага соҳил футболи бўйича терма жамоа йиғини бошланади
Ўзбекистон футзал федерацияси томонидан 24–30-июн кунлари соҳил футболи бўйича мамлакат терма жамоаси учун ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Йиғин пойтахтимиздаги Миллий терма жамоалар марказида бўлиб ўтади.
Юртимизда соҳил футболини қайта ривожлантириш Ўзбекистон футзал федерациясининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. Федерация соҳил футболи инфратузилмасини тиклаш, мусобақалар тизимини ишлаб чиқиш ҳамда терма жамоалар фаолиятини кенг йўлга қўйиш юзасидан қатор муҳим ташаббуслар ишлаб чиқди.
Мазкур йиғин ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий давоми бўлиб, соҳил футболи терма жамоасини халқаро ва қитъа миқёсидаги мусобақаларга босқичма-босқич тайёрлашни мақсад қилган.
Ўзбекистон футзал федерацияси шафелигида илк бор ўтказилаётган ушбу йиғинга республикамизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган энг иқтидорли футболчилар жалб этилган.
Аҳаджон Юсупов бошчилигидаги мураббийлар штаби бир ҳафта давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолати, техник-тактик савияси ва руҳий тайёргарлигини атрофлича ўрганади. Шунингдек, соҳил футболи кўникмаларини тиклаш ва жамоавий ўйин механизмларини шакллантириш устида иш олиб борилади.
Машғулотлар жараёни, мураббийлар ва футболчилар фикрлари ҳамда эксклюзив репортажларни ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.