Эрон устидан қозонилган ғалабадан сўнг Ўзбекистон FIFA рейтингида юқорилади
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эрон устидан 3:1 ҳисобида қозонган ғалабаси FIFA рейтингидаги ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Жорий онлайн ҳисоб-китобларга кўра, Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоа ушбу натижа эвазига 6,83 балл қўшиб олди.
Шундан сўнг Ўзбекистоннинг умумий рейтинг очкоси 1409,73 баллдан 1416,56 баллга етди. Бу натижа терма жамоамизга онлайн рейтингда бир поғона юқорилаб, 59-ўринга кўтарилиш имконини берди. Ўзбекистон шу тариқа 1411,06 баллга эга Қатарни ортда қолдирди.
Эрон терма жамоаси эса Фарғонадаги мағлубиятдан сўнг 6,83 балл йўқотди. Натижада унинг рейтинг кўрсаткичи 1609,85 баллдан 1603,01 баллга тушди. Шунга қарамай, Эрон жорий онлайн рейтингда 22-ўринни сақлаб қолмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини 1 октябрь куни Тошкентда Сурия терма жамоасига қарши ўтказади. Жамоалар шу вақтгача етти бор тўқнаш келган: Ўзбекистон икки учрашувда ғалаба қозонган, Сурия уч бор устун келган, яна икки баҳс дуранг билан якунланган.