Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026да иштирок этмаслиги мумкин — манба
Эрон миллий терма жамоаси АҚШнинг Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан юритаётган тажовузкор сиёсати сабабли 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этишдан воз кечиши мумкин. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Сиёсий вазиятнинг кескинлашиши 28 февраль куни тонгда Исроилнинг Эронга зарба бериши билан бошланди. Бир неча соат ўтгач, АҚШ Президенти Дональд Трамп йирик ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Эрон бунга жавобан Исроил ва минтақадаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбалари йўллади.
Эрон терма жамоаси ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритган бўлиб, «G» гуруҳидан ўрин олган эди. Мазкур гуруҳда жамоага Бельгия, Миср ва Янги Зеландия рақиблик қилиши белгиланган. Гуруҳ босқичининг барча учта ўйини АҚШ ҳудудида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 2026 йилги Жаҳон чемпионати жорий ёзда уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. 2022 йилги мундиал финалида аргентиналиклар Франция билан куч синашган эди. Ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланган, пенальтилар сериясида эса Аргентина 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритган эди.