Эрон ФИФАнинг баёнотига жавоб қайтарди
Эрон футбол иттифоқи вице-президенти Меҳди Муҳаммад Набий ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг Эрон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши борасидаги баёнотига муносабат билдирди.
«Биз учун энг муҳими — ФИФА қоидалари ва регламентларидир. Биз ФИФАнинг ҳар қандай қарорини ҳурмат қиламиз. Ҳар бир мезбон давлат ФИФА олдида мажбурият олган ва уларга риоя қилиши шарт. Инфантино биз ўртоқлик ўйинлари ўтказаётганимиздан хабар топгач, шахсан ўзи ташриф буюрди ва биз самарали мулоқот ўтказдик», — дея функционернинг сўзларини Footmercato нашри келтирмоқда.
Аввалроқ, Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож ташкилот Эрон терма жамоасининг ЖЧ-2026 доирасидаги ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчириш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий геосиёсий вазият туфайли Эронда терма жамоанинг турнирда иштирок этишдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида гаплар бўлган эди. Ўз навбатида, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эрон миллий жамоасининг ушбу турнирда бўлиши мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган.