Эрон билан боғлиқ хакерлар гуруҳи АҚШдаги мундиал хавфсизлигига таҳдид қилди
Эрон билан боғлиқ Handala хакерлар гуруҳи АҚШдаги Жаҳон чемпионати хавфсизлигига таҳдид қилди. CBS News хабарига кўра, гуруҳ Федерал қидирув бюроси — FBI фойдаланадиган FPV-дронлар тизимига кирганини даъво қилмоқда. Уларнинг баёнотида айтилганича, Handala бир неча ойдан бери дронлар орқали олинган тасвирлар ва кузатув маълумотларига эга.
Хакерлар FBI стадионлар атрофида юзларни таниш ва автомашина рақамларини аниқлаш тизимларидан фойдаланаётганини ҳам иддао қилган. Улар Жаҳон чемпионати ташкилотчиларига хавфсизлик чораларини кучайтиришни «маслаҳат» қилган.
Бироқ SITE Intelligence Group маълумотига кўра, хакерлар эълон қилган фото ва видеолар аслида FBI тизими бузиб кирилганини исботламайди. Ҳатто улардан бири 2024 йилда АҚШдаги полиция департаменти томонидан торнадодан кейинги зарарларни ўрганиш технологиясини тарғиб қилиш учун тайёрланган видео экани айтилади.
CBS News таъкидлашича, FBI Жаҳон чемпионати вақтида стадионлар ва мухлислар зоналари атрофида ноқонуний дронларга қарши курашиш учун махсус дронлардан фойдаланади. АҚШда ўйинлар ўтаётган стадионлар, фан-зоналар ва мухлислар тадбирлари устида дрон учириш тақиқланган.