Эрлинг Холанд шахмат оламига катта сармоя киритади
«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд шахмат спорти ривожи учун инвестиция киритишини маълум қилди. Норвегиялик юлдуз 2013 йилдан буён Ставангерда ўтказиб келинаётган анъанавий Norway Chess турнири ҳамда янги форматдаги Total World Chess Championship мусобақасига сармоя киритади.
Холанд норвегиялик тадбиркор Мартен Борге билан ҳамкорликда Chess Mates компаниясига асос солди. Ушбу компания Норвегия шахмат ассотсиациясининг йирик акциядорига айланади.
«Шахмат — ажойиб ўйин. У ақлни ўткирлаштиради ва футбол билан ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Бунда тезкор қарор қабул қилиш, интуицияга ишониш ва юришларни бир неча қадам олдиндан ўйлаш лозим. Мен Norway Chess’га сармоя киритаётганимнинг сабаби — янги Total Chess World Championship Tour шахматни бутун дунё бўйлаб томошабинлар учун янада оммавий спорт турига айлантира олишига ишонаман», — дея Холанднинг сўзларини келтирмоқда FIDE расмий сайти.
Total Chess World Championship Tour йил давомида тўртта турли шаҳарда ўтказиладиган тўртта турнирдан иборат бўлади. Мусобақа якунида шахматнинг уч йўналиши — классик, рапид ва блиц бўйича ягона жаҳон чемпиони аниқланади. Мазкур лойиҳа FIDE томонидан камида 16 йилга маъқулланган.
Турнирнинг мукофот жамғармаси камида 2,7 миллион долларни ташкил этади. Мусобақанинг синов талқини 2026 йилнинг кузида, тўлиқ мавсум эса 2027 йилда старт олади.