Энсо Мареска расман «Манчестер Сити» билан шартнома имзолади — Романо
«Челси» собиқ бош мураббийи Энсо Мареска «Манчестер Сити» билан расман шартнома имзолади. Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг ижтимоий тармоқларда хабар беришича, янги бош мураббий тайинлови яқин соатлар ичида клуб томонидан расман эълон қилинади. Манбага кўра, 46 ёшли италиялик мутахассис «шаҳарликлар» билан 2029 йилга қадар мўлжалланган битимга қўл қўйган. «Сити» раҳбарияти Марескага жамоанинг янги трансфер стратегиясини тўлиқ мустақил шакллантириш ваколатини тақдим этган.
Италиялик мутахассис шу йилнинг январ ойида Лондоннинг «Челси» клубини тарк этганидан буён эркин агент мақомида бўлиб турганди. Қайд этиш жоизки, Энсо Мареска учун «Манчестер Сити» бегона эмас. У муқаддам клуб тизимида, хусусан, 2022 йилдан 2023 йилга қадар Пеп Гвардиоланинг мураббийлар штабида муваффақиятли фаолият юритган, шунингдек, манчестерликларнинг ёшлар жамоасини ҳам бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 май куни «Манчестер Сити» ўз расмий сайтида бош мураббий Пеп Гвардиоланинг жорий мавсум якунлангач, амалдаги шартномаси якунга яна бир йил (2027 йилгача) муддат бўлишига қарамай, жамоани тарк этиши ҳақида эълон қилган эди. Эндиликда клубни янги ғалабалар сари айнан унинг собиқ ёрдамчиси Мареска етаклаб боради.