Энсо Фернандеснинг “Манчестер Сити”га трансфери амалга ошмай қолиши мумкин
“Челси” ярим ҳимоячиси Энсо Фернандеснинг “Манчестер Сити”га ўтиши хавф остида қолди. Daily Telegraph журналисти Мэтт Лоу маълумотига кўра, Лондон клуби аргентиналик футболчини фақат унинг ўрнига янги ярим ҳимоячи топилган тақдирдагина қўйиб юборади.
“Челси” Фернандесга ўринбосар сифатида “Монако”дан Ламин Камара, “Рома”дан Ману Коне ва номи ошкор қилинмаган яна бир Премьер-лига футболчисини кўриб чиқмоқда. Бироқ “Монако” Камара бўйича таклифни рад этган, “Рома” бош мураббийи Жан Пьеро Гасперини эса Конени жамоада сақлаб қолмоқчи.
Бундан ташқари, “Челси” “Манчестер Сити”дан Фернандес учун яхшиланган таклиф кутмоқда. Лондонликлар аввалги таклифдан қониқмаган ва уни рад этган. Шу сабабли трансфер ойнасининг сўнгги кунида келишувни якунлаш тобора қийинлашмоқда.
Маълумот учун, Энсо Фернандес “Челси” сафига 2023-йилнинг январида Португалиянинг “Бенфика” клубидан келиб қўшилган. Аргентиналик футболчи 2022-йилда терма жамоаси билан Жаҳон чемпиони бўлган ва турнирнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган.