Эммануэль Макрон ЖЧ-2026 олдидан Франция терма жамоаси базасига ташриф буюради
Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон 2 июн куни миллий терма жамоанинг машғулотлар марказига ташриф буюради. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар бермоқда.
Давлат раҳбарининг ушбу ташрифи анъанавий хусусиятга эга бўлиб, жамоанинг йирик халқаро турнирларга тайёргарлик кўриши доирасида амалга оширилади. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — ЖЧ-2026 сафаридан олдин футболчилар ҳамда Дидье Дешам бошчилигидаги мураббийлар штабига маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўрсатишдан иборат. Елисей саройидан аниқлик киритилишича, президентнинг футболчилар билан учрашуви муҳим мусобақалар олдидан шаклланган ўзига хос анъананинг бир қисмидир.
Франция терма жамоаси 10 июн куни жаҳон биринчилигига йўл олади. Эслатиб ўтамиз, турнир уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.
Бўлажак Жаҳон чемпионати Дидье Дешам учун миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимидаги сўнгги турнир бўлади. Шунингдек, ушбу мундиал Франция терма жамоаси учун Эммануэль Макроннинг жорий президентлик муддати якунига (навбатдаги сайловларга) қадар ўтказиладиган охирги йирик мусобақадир.
Ушбу хабар арафасида президент Макрон «Стад де Франс» стадионида бўлиб ўтган Франция кубоги финалини бевосита майдондан кузатди. Ҳал қилувчи баҳсда «Ланс» ҳамда «Ницца» жамоалари тўқнаш келди. Учрашув «Ланс»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди ва клубга тарихий чемпионлик унвонини тақдим этди.