Эмилиано Мартинес “Челси”га ўтишга розилик берди
“Астон Вилла” ва Аргентина терма жамоаси дарвозабони Эмилиано Мартинес фаолиятини “Челси”да давом эттиришга тайёр. 33 ёшли футболчи Лондон клубининг лойиҳасига қўшилишга розилик берган. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Мартинеснинг ўзи трансфер амалга ошишини истамоқда ва ёзги трансфер ойнаси ёпилишидан олдин “Челси”га ўтишга умид қилмоқда. Ҳозирча якуний қарор Лондон клуби раҳбариятига боғлиқ бўлиб, клуб ичида музокаралар давом этмоқда.
Аввалроқ аргентиналик дарвозабонга “Тоттенхэм” ҳам қизиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ҳозирда “шпорлар” Мартинес трансферини кўриб чиқмаяпти, чунки клуб Антонин Кински ва Мартин Дубравканинг ўйинидан қониқмоқда.
Маълумот учун, Мартинес 2025/26-йилги мавсумда Англия Премьер-лигасида “Астон Вилла” сафида 32 та учрашувда майдонга тушган. Шунингдек, у Европа Лигасида 11 та ўйинда иштирок этган.