Элдор Шомуродов: Файзуллаев билан бир жамоада ўйнаш — жуда фойдали бўлади
Яқинда “Рома”дан Туркиянинг “Истанбул Башакшехир” клубига ижара асосида ўтган Элдор Шомуродов ўз ҳамюрти — Аббосбек Файзуллаевнинг ушбу жамоага эҳтимолий трансфери юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“My Asia Sport News” телеграм-каналига берган изоҳида Шомуродов шундай деди:
— Агар бу трансфер амалга ошса, жуда яхши бўлади. Бу ҳам Аббос, ҳам мен учун фойдали. Терма жамоадаги шеригинг билан бир жамоада ўйнаш ҳар доим катта устунлик беради. Масалан, Европада лотинамерикалик футболчилар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир жамоада яхши мослашишади. Менга ҳам шундай муҳит доимо қизиқ бўлган. “Рома”да Довбик келганида биргаликда гаплашардик, лекин юртдошинг билан бирга бўлиш — бу бошқа масала.
Аббос учун ҳам бу яхши имконият бўлади. Туркия чемпионати — РПЛга нисбатан кучлироқ. “Башакшехир” эса Конференциялар лигасида қатнашади. Бу ўзини синаб кўриш учун ажойиб платформа, — деди Элдор Шомуродов.