Элдор Аҳамов: 18 июлгача максимал спорт формасига кириб оламиз
Хабарингиз бор, “Андижон” клуби айни пайтда Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб келмоқда.
Ушбу тайёргарлик жараёнларида дарвозабон Элдор Аҳамов ҳам фаол ва жамоадошлари сингари катта иштиёқ билан меҳнат қиляпти.
У мазкур ўтказилаётган йиғин борасидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Элдор, жамоа билан Минскдаги йиғинда бевосита иштирок этяпсиз. Бу ердаги тайёргарлик жараёни ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
- Машғулотларимиз кучайиб бормоқда. Хордиқдан кейин янада кучли спарринг-рақиблар билан ўйнаймиз. Барчада кайфият аъло даражада ва юқори иштиёқ билан ишлаяпмиз. Ушбу йиғинмиз албатта чемпионат мобайнида ўзининг фойдасини беради.
- Бундай ёзги йиғиндаги асосий эътибор нимада, деб ўйлайсиз?
- Мавжуд танаффусдан кейин йиғинга киришганмиз ва асосий эътибор спорт формамизни яхшилаб, ортда қолган учрашувлардаги хатолар устида ишлаш ҳамда ўйинимизни бундан-да мукаммал ҳолатга келтиришдан иборат.
- Дарвозабон ярим жамоа деб бежизга айтилмайди. Айниқса посбонлар учун бундай йиғинда кўпроқ нимани устида ишлаш муҳим?
- Дарвозабонлар ҳам ўз хато ва камчиликларини билган ҳолда бундай йиғинлар мобайнида уларни максимал тузатиб, чемпионатнинг қолган қисмига ҳар бир футболчи каби мукаммал тарзда етиб бориши айни муддаодир.
- Кейинги ўйин 18 июль куни бўлиб ўтади. Ушбу вақтга қадар спорт формани ушлаб туриш жуда муҳим. Бу борада нима дея оласиз?
- Худо хоҳласа, 18 июлгача максимал спорт формага кириб оламиз. Унгача етарлича вақтимиз ҳамда етарлича машғулотларимиз бор. Орада ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари ҳам албатта фойдали бўлади.