Эл-Класикони стадиондан томоша қилиш учун энг камида қанча тўлаш керак?
«Барселона» ва «Реал Мадрид» ўртасидаги мавсумнинг илк Эл-Класикоси учун чипталар савдоси бошланди. Дастлабки 48 соат давомида чипталарни фақат «Барселона» клуби аъзолари — «сосиос»лар харид қилиши мумкин. Энг арзон чипта 649 еврога баҳоланган бўлиб, бу амалдаги курс бўйича қарийб 8,7 миллион сўмни ташкил этади. Бу ҳақда The Touchline хабар бермоқда.
Манбага кўра, стадионнинг юқори бурчак секторларидаги чипталар 649 евродан бошланади. Марказий секторлар учун эса нарх 1149 еврогача етади — бу қарийб 15,4 миллион сўм дегани. Динамик нархлаш тизими сабаб талаб ортгани сари чипталар баҳоси янада ошиши мумкин.
2026/27-йилги мавсумдаги илк Эл-Класико 25 октябрь куни Spotify Camp Nou стадионида бўлиб ўтади. Учрашув маҳаллий вақт билан 21:00 да бошланади ва Ла Лиганинг 10-тури доирасида ўтказилади.
Маълумот учун, Эл-Класико дунё футболидаги энг кўп томоша қилинадиган қарама-қаршиликлардан бири ҳисобланади. Шу сабаб учрашувга бўлган талаб одатда жуда юқори бўлади ва чипталар нархи сектор, жойлашув ҳамда талаб даражасига қараб сезиларли фарқ қилади.