Ел-Класико арафасида ‘‘Барселона’’ жиддий муаммога дуч келди
‘‘Барселона’’ ‘‘Реал Мадрид’’га қарши Ел-Класико олдидан кутилмаган муаммога дуч келди. Каталония клубининг стадион фаолияти ва учрашувларни ташкил этишга масъул ходимлари 23–25 октябрь кунлари иш ташлаш эълон қилди. Бу ҳақда Cadena SER нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, ходимлар меҳнат шароитларининг ёмонлашгани, ишчи кучи етишмаслиги ва айрим хизматларнинг ташқи компанияларга топширилаётганидан норози. Уларнинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида қарийб 30 та иш ўрни қисқартирилган. Айни пайтда ушбу йўналишда 60 нафарга яқин ходим фаолият юритмоқда. Ишчилар эса уларнинг сонини камида 90 нафарга етказишни талаб қилмоқда.
Мазкур норозилик акцияси стадионга кириш, чипталарни текшириш ва мухлисларга хизмат кўрсатиш жараёнларига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, иш ташлаш клубнинг бошқа спорт турлари бўйича учрашувларини ташкил этишда ҳам қийинчиликлар юзага келтириши эҳтимоли бор. Шунга қарамай, ‘‘Барселона’’ раҳбарияти Ел-Класико белгиланган тартибда ўтказилишига ишонч билдирмоқда.
Маълумот учун, ‘‘Барселона’’ ва ‘‘Реал Мадрид’’ ўртасидаги Ла Лиганинг 10-тур учрашуви 25 октябрь куни ‘‘Spotify Camp Nou’’ стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Иш ташлаш акцияси 23 октябрдан 26 октябрь тонгигача давом этиши кутилмоқда. Томонлар ўзаро келишувга эришган тақдирда, норозилик акцияси бекор қилиниши мумкин.