Эдин Жеко «Шальке» билан янги шартнома имзолади
Босния ва Герцеговина терма жамоаси ҳужумчиси Эдин Жеко фаолиятини «Шальке» сафида давом эттиради. Германия клуби 40 ёшли форвард билан янги шартнома имзоланганини расман эълон қилди.
«Мен ҳали ҳам катта мақсадлар сари интилишга тўламан ва Бундеслигада жамоамга ёрдам беришни истайман. Қишда "Шальке"га келганимдан бери ажойиб жамоанинг бир қисмига айландим ва мухлисларимизнинг беқиёс қўллаб-қувватлашини ҳис қилдим. Бундеслигага чиқиш фаолиятимдаги энг ёрқин воқеалардан бири бўлди. Бу ҳақиқатан ҳам унутилмас лаҳза эди. Футбол бутун умрим давомида менга завқ бағишлаб, доимо илҳомлантириб келган», — деди Жеко шартнома имзоланганидан сўнг.
2026/2027 йилги мавсум тажрибали босниялик ҳужумчи учун профессионал фаолиятидаги 23-мавсум бўлади.
Жеко 2026 йил қишида эркин агент сифатида «Шальке» сафига қўшилган эди. У 2025/2026 йилги мавсум якунида клубнинг Германия иккинчи Бундеслигасида чемпион бўлиши ва элита дивизионга қайтишига муносиб ҳисса қўшди.
Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида Жеко «Шальке» сафида Иккинчи Бундеслигада 11 та учрашувда иштирок этиб, 6 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.