Эдегор: «Роналдунинг фаолиятига қарасангиз, унинг нақадар ажойиблигига ҳамма қўшилади»
Норвегия миллий терма жамоаси капитани Мартин Эдегор УЕФА Миллатлар лигасида Португалияга қарши бўлажак учрашув олдидан Криштиану Роналду ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Эдегор фаолиятининг дастлабки босқичларида Роналду билан Мадриднинг «Реал» клубида бирга бўлган. Норвегиялик футболчи «қироллик клуби» сафидаги дебютини айнан португалиялик ҳужумчининг ўрнига захирадан майдонга тушиб ўтказган.
Энди «Арсенал» ярим ҳимоячиси Роналду билан яна бир бор учрашишга тайёрланмоқда. Бу сафар футболчилар клуб даражасида эмас, балки ўз миллий терма жамоалари сафида рақиб бўлишади.
«Унинг фаолияти ҳақида нима деб ўйлайман? Менимча, бу ерда ҳамма унинг фаолияти шунчаки ақлбовар қилмас даражада эканига қўшилади. Мен ундан кўп нарсани ўрганганман», — дея Эдегорнинг сўзларини Goal келтирди.
Норвегия ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 27 сентябрь куни бўлиб ўтади. Унга қадар норвегияликлар 24 сентябрь куни Данияга қарши майдонга тушади.