Эдди Хау Гордоннинг «Барселона»га ўтиши ҳақида: «Бу унинг учун жуда зўр имконият»
«Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Хау ҳужумчи Энтони Гордоннинг Каталониянинг «Барселона» клубига амалга ошган трансфери борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. ОАВ хабарларига кўра, инглиз клуби ушбу трансфердан бонуслар билан бирга 80 миллион евроғача ишлаб олиши мумкин.
«Энтонининг таркибимиздан кетганидан хафсаламиз пир бўлган бўлса-да, бу унинг фаолиятида жуда катта имконият эканлигини яхши тушунамиз. У сўнгги йиллардаги муваффақиятларимизнинг муҳим қисми эди. Айнан «Ньюкасл»да ўйнаб юрган кезларида Англия терма жамоаси аъзосига айлангани — унинг клубдаги барча инсонлар кўмагида ўз устида тинимсиз ва қаттиқ меҳнат қилганидан далолат беради.
У ғалаба қучоғида бизнинг энг эзгу тилакларимиз билан кетмоқда. Ишонаманки, у «Барселона»да ҳам, бу йилги жаҳон чемпионатида Англия терма жамоаси сафида ҳам улкан муваффақиятларга эришади», — дейди Хау клуб расмий сайтига берган интервьюсида.
Мавсум якунларига кўра, Гордон «Ньюкасл» сафида барча мусобақаларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ва 5 та самарали узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали вингернинг нархини 60 миллион еврога баҳоламоқда.