Душан Влахович «Ювентус» билан келиша олмаса, «Барселона»га ўтишга тайёр
Сербиялик ҳужумчи Душан Влахович агар «Ювентус» билан амалдаги шартномасини узайтирмаса, фаолиятини «Барселона»да давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Tuttosport нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, форвард учун устувор вариант — Турин клуби билан ҳамкорликни давом эттириш. Бироқ, агар томонлар 2026 йилнинг ёзида якунга етадиган шартномани янгилаш борасида келиша олишмаса, футболчи каталонияликлар сафига эркин агент мақомида қўшилишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда ҳужумчи янги битим шартларини муҳокама қилиш учун «кекса синьора» раҳбарияти билан учрашув тайинлашни сўраган.
Жорий мавсумда Влахович «Ювентус» сафида барча турнирларда 17 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали 26 ёшли ҳужумчининг бозор қийматини 35 миллион евроға баҳоламоқда.