Доннарумманинг агенти: «Агар келажакда А Серияга қайтиш имконияти пайдо бўлса, биз ундан фойдаланамиз»
26 ёшли кипер ҳозирда «Ман Сити» шарафини ҳимоя қилмоқда.
ФОТО: Getty Images
«Манчестер Сити» дарвозабони Жанлуижи Доннарумманинг агенти Энсо Райола 26 ёшли футболчи келажакда имконият туғилса, А Серияга қайтиш вариантини истисно қилмаслигини маълум қилди.
«Бугунги кунда у “Манчестер Сити”да ўзини хотиржам ҳис қилмоқда, унга бу лойиҳа жуда ёқади. У аста-секин Англия лигасини тушуниб бормоқда.
Яқинда у ҳазил тариқасида менга АПЛда беш ёки олти йил тўп тепишини, бу ҳақиқий саргузашт бўлишини айтди, аммо бу фақат ҳазил эди… Агар келажакда Италияга қайтиш имконияти пайдо бўлса, биз ундан фойдаланамиз», — дея Райоланинг сўзларини келтиради Calciomercato.
Доннарумма «Манчестер Сити» сафига ўтган ёзда келиб қўшилганди. Италиялик дарвозабоннинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзига қадар мўлжалланган.
Насрулло Каримов
Журналист