Доннарумма Италияга қайтиши мумкин
«Манчестер Сити» дарвозабони Жанлуижи Доннарумма клуб молиявий қоидабузарликлар бўйича жиддий жазога тортилса, Англияни тарк этиши мумкин. Италиялик посбонга унинг собиқ клуби «Милан» ҳамда «Интер» қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбага кўра, Доннарумма «Манчестер Сити»га ўтишидан аввал ҳам Милан шаҳрининг икки гранди унинг трансфери имкониятини кўриб чиққан. Агар инглиз клубидаги вазият мураккаблашса, «Милан» ва «Интер» 27 ёшли дарвозабон учун яна курашга қўшилиши мумкин.
Доннарумма — «Милан» академияси тарбияланувчиси. У 2015–2021-йилларда клубнинг асосий жамоаси сафида тўп сурган, шундан сўнг ПСЖга ўтган. 2025-йилда эса фаолиятини Англияда, «Манчестер Сити» сафида давом эттирган.
Маълумот учун, Доннарумма жорий мавсум барча мусобақаларда 7 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол ўтказиб юборган. Ҳозирча унинг трансфери бўйича «Милан» ёки «Интер»дан расмий таклиф борлиги ҳақида маълумот йўқ.