Дональд Трамп ФИФА Тинчлик мукофоти билан тақдирланади ва қуръа ташлаш маросимида нутқ сўзлайди
AҚШ президенти Дональд Трамп 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи қуръаси олдидан ФИФА Тинчлик мукофоти билан тақдирланади. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Манбага кўра, Трампга бугун, 5 декабрь куни бўлиб ўтадиган тадбир давомида нутқ сўзлаш учун ҳам вақт ажратилади. Мазкур мукофот 2025 йил ноябрь ойида таъсис этилган бўлиб, Трамп унинг илк соҳибига айланади.
Жаҳон чемпионати уч давлатда — AҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. Мусобақа тарихида илк бор унда 48 та терма жамоа иштирок этади. Мундиал 2026 йил 11 июн — 19 июл кунлари бўлиб ўтади.
Амалдаги жаҳон чемпиони — Аргентина миллий жамоаси. 2022 йилги финалда аргентиналиклар Францияни мағлуб этганди. Асосий вақт 3:3 ҳисобида якунланган, пенальтилар сериясида Жанубий Америка жамоаси ғалабага эришган.