Дмитрий Ан: «Ўзбекистоннинг иштироки менга ёқди. Йигитлар яхши ҳаракат қилди»
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг илк мураббийи Дмитрий Ан миллий жамоанинг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида фикр билдирди.
«Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиққанининг ўзи катта қадам бўлди. Жамоа тарихга кирди. Терма муносиб ўйин кўрсатди. Айрим хатолар бўлди, аммо мағлубиятсиз ғалаба бўлмайди. Йигитлар яхши ҳаракат қилди, менга уларнинг ўйини ёқди. Энди янада олдинга интилишимиз керак.
Мухлис сифатида терма кейинги босқичга чиқишига умид қилгандик. Ишонгандик, аммо бу сафар насиб қилмади», — деди Ан.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этди. Жамоа гуруҳ босқичида муносиб кураш олиб борган бўлса-да, плей-офф йўлланмасини қўлга кирита олмади.