Дмитрий Ан: «Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдан чиқишини кутаман»
Москванинг ССКА клуби собиқ ярим ҳимоячиси, айни пайтда Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» жамоасида тўп сураётган Аббосбек Файзуллаевнинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокидан нималар кутётгани ҳақида фикр билдирди.
«Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдан чиқишини кутаман. Имкониятлар бор. Ўйлашимча, айрим футболчиларда ҳаяжон бўлади, аммо тажрибалирақ йигитлар ўзларини қўлга олиб, ўз ўйинларини кўрсатишади. Менинг фикримча, барча жамоаларни енгса бўлади, асосийси — кайфият, омад ва рақибдан қўрқмаслик.
Гуруҳ бундан яхшироқ бўлиши ҳам, ёмонроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Терма жамоага мухлислик қиламиз, барибир бу Жаҳон чемпионатидаги биринчи иштирок. У ерда жуда катта мухлислар армияси йиғилади», — деди Ан.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси жамоаларига қарши майдонга тушади.
Футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати 11-июндан 19-июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда.