Дисквалификация қилинган Мудрик еттинчи дивизион клубида машғулот ўтказмоқда
Допинг-тести ижобий чиққанлиги сабабли дисквалификация қилинган «Челси» яримҳимоячиси Михайл Мудрик формасини сақлаб қолиш учун ноодатий қадам ташлади. Маълум бўлишича, украиналик футболчи Англиянинг еттинчи дивизионида иштирок этувчи «Аксбридж» клуби билан бирга шуғулланмоқда.
«Аксбридж» бошқаруви раиси Марк Банток ESPN нашрига вазиятни қуйидагича изоҳлади:
«Бу Мудрик ва «Аксбридж» ўртасидаги шахсий келишув. Дисквалификациядан кейин у футбол ўйнашни хоҳлаши аниқ, шунинг учун бу унинг учун ажойиб имконият деб ўйлайман. У билан ҳаммаси жойида».
Шу билан бирга, «Челси» раҳбарияти ушбу ҳолатга алоқаси йўқлигини маълум қилди. Лондонликлар расмий баёнотида таъкидланишича, ўйинчи дисквалификация қилинган даврда профессионал клуб тузилмасида машғулот ўтказиши тақиқланган, шу сабабли «Челси» бу жараённи назорат қилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Михайл Мудрик охирги марта 2024 йил ноябр ойида расмий ўйинда майдонга тушган эди. Конференциялар Лигаси гуруҳ босқичида «Челси» «Хайденхайм»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган ва Мудрик ўша ўйинда гол муаллифига айланган эди.