Диоманде “Реал Мадрид”га ўтиш арафасида машғулотларда қатнашмаяпти
“RB Лейпциг” вингери Ян Диоманде “Реал Мадрид”га эҳтимолий трансфери якунланишига яқинлашгани сабабли жамоа билан тўлиқ машғулот ўтказмаяпти. AS нашри хабарига кўра, футболчи трансфер амалга ошгунига қадар жароҳат олиш хавфини камайтириш мақсадида индивидуал дастур асосида шуғулланмоқда.
Манбага кўра, “Реал Мадрид” ва “RB Лейпциг” ўртасидаги музокаралар давом этмоқда. Томонлар трансфер суммаси бўйича якуний келишувга эришишга ҳаракат қилмоқда, бироқ ҳозирча расмий битим имзоланмаган.
Қайд этилишича, Диоманде аллақачон “Реал Мадрид” билан шахсий шартнома шартлари бўйича оғзаки келишувга эришган. Энди трансфернинг амалга ошиши икки клуб ўртасидаги музокаралар муваффақиятли якунланишига боғлиқ.
Шу сабабли “RB Лейпциг” мураббийлар штаби футболчини ортиқча таваккалчиликдан асрашни маъқул кўрмоқда. Трансфер бўйича ҳал қилувчи қарор яқин кунларда қабул қилиниши кутилмоқда.