«Динамо» Дубайдаги ўқув-машғулот йиғинини бошлади
«Динамо» клуби вакиллари 16 январ куни Тошкент – Дубай йўналиши бўйича амалга оширилган авиарейс орқали Бирлашган Араб Амирликларига етиб борди. Парвоз 3 соатдан ортиқ давом этди ва жамоа маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида Дубай аэропортига қўнди.
«Динамо» клуби матбуот хизматининг хабар беришичa, cафардан бир кун аввал клуб администратори Акмал Бозоров бошчилигидаги ходимлар футболчилар учун 2026 йилги мавсумга мўлжалланган Мacron брендидаги янги экипировкани тайёрлаб, жамоани бир хил либосда сафарга кузатди. Узоқ парвоз, йирик аэропортдаги назорат жараёнлари ҳамда совуқ об-ҳаводан иссиқ иқлимга мослашиш қийинчиликларига қарамай, бош мураббий Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби белгиланган режага қатъий амал қилди.
Жамоа «Мовенписк Ал Мамзар» меҳмонхонасига жойлашгач, Ал-Рашид спорт мажмуасидаги футбол майдонида илк машғулотни ўтказди. Машғулот жараёни ишчан ва юқори кайфиятда ўтди. Бош мураббий Вадим Абрамов ҳамда жамоа етакчиларидан бири Анваржон Ҳожимирзаев клуб матбуот хизматига берган интервьюларида йиғиннинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
17 январдан бошлаб «Динамо» кунига икки маҳал машғулотлар ўтказади. Дастлаб футболчиларнинг жисмоний ҳолати қум устида мустаҳкамланади, кечки машғулотлар эса яшил майдонда ташкил этилади.