Диего Форлан Уругвай ёшлар терма жамоасини бошқариши мумкин
Уругвай терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Диего Форлан мамлакат ёшлар терма жамоаси бош мураббийига айланиши кутилмоқда. 47 ёшли мутахассис билан музокараларни шахсан Уругвай футбол ассоциацияси (AUF) президенти Игнасио Алонсо олиб бормоқда, дея хабар беради Sport 890 нашри ўзининг X ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Манбага кўра, Форлан ушбу лавозимга тайинланган тақдирда, жорий йилда FIFA шафелигида ўтадиган расмий ўйинларда Уругвай U20 терма жамоасига ҳам раҳбарлик қилади. Бўлажак мураббийлар штаби ҳам аллақачон аниқлаб бўлинган: Диего Перес бош мураббий ёрдамчиси, Диего Эставило ва Сантьяго Ферро эса жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида фаолият юритади.
Маълумот учун, Диего Форлан 2002 йилдан 2014 йилга қадар Уругвай терма жамоаси сафида 112 та ўйинда майдонга тушиб, 36 та гол урган. У ЖЧ-2010 турнирининг энг яхши футболчиси деб топилган ва Европа чемпионатларининг энг яхши тўпурари сифатида икки бор "Олтин бутса" соҳибига айланган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, Форлан бир нечта клубларда, жумладан, "Пенярол"да бош мураббий бўлиб ишлаган. Ҳозирда Уругвай ёшлар терма жамоаси Жанубий Америка чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик кўрмоқда.