Дэвид Рая «Арсенал»нинг май ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди
«Арсенал» клубининг 30 ёшли дарвозабони Дэвид Рая жамоанинг май ойидаги энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Бу ҳақда «канонирлар» матбуот хизмати клубнинг расмий сайтида маълум қилди.
Ўтган ойда дарвозабон барча турнирлар доирасида 5 та учрашувда майдонга тушиб, бор-йўғи битта гол ўтказиб юборди. У ушбу ягона голни УЕФА Чемпионлар Лигаси финалида «ПСЖ»га қарши кечган баҳсда ўз дарвозасидан олиб чиқди (1:1, пенальтилар бўйича — 4:3). Якунланган мавсум давомида Рая жами 51 та ўйинда иштирок этди ва уларнинг 28 тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Бундан ташқари, испаниялик посбон фаолиятида учинчи бор Англия Премьер-лигасида «Олтин қўлқоп» совринини қўлга киритди.
Айни пайтда Дэвид Рая Испания терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпионати баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Испанияликларнинг турнирдаги илк учрашуви 15 июн куни Кабо-Верде терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.