Дембеле: «Шартномани узайтирмаслик учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман»
«Пари Сен-Жермен» ҳужумчиси Усмон Дембеле Чемпионлар Лигасининг 1/8 финали доирасида «Челси»га қарши кечадиган жавоб учрашуви олдидан клуб билан шартномасини узайтириш масаласида ўз фикрларини билдирди.
«Шартномани узайтирмаслик учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, бироқ қарорларни мен қабул қилмайман. Шартномам бўйича музокаралар клуб ва агентим ўртасида кечмоқда. Фаолиятим бошиданоқ бу каби жараёнларга аралашмаганман», — дея Дембеленинг сўзларини келтиради RMC Sport.
Жорий мавсумда Дембеле клуб сафида 27 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг парижликлар билан амалдаги келишуви 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, француз ҳужумчисининг бозор қиймати 100 миллион еврони ташкил этади.