Де ла Фуенте Испания миллий жамоаси йиғинига Ямал ўрнига «Реал» тарбияланувчисини чақирди
Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуенте ЖЧ-2026 саралаш ўйинлари учун таркибдаги ўзгаришни эълон қилди. «Барселона» вингери Ламин Ямал жароҳати сабабли четлатилди, унинг ўрнини «Райо Валекано» ҳужумчиси Хорхе де Фрутос эгаллади.
11 ноябрь куни Испания футбол федерацияси Ямални расмий равишда терма жамоа рўйхатидан чиқариб ташлаганини маълум қилди. Сабаби — футболчи сон соҳаси оғриқларини даволаш мақсадида радио частотали муолажани терма жамоани хабардор қилмасдан ўтказган.
28 ёшли Де Фрутос учун бу — Испания миллий жамоасига илк чақирув бўлади. «Реал» академияси тарбияланувчиси бўлган футболчи жорий мавсумда «Райо Валекано» сафида барча турнирларда 16 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урган ва 3 та голли узатмани амалга оширган.
Маълумот учун, Испания миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасида 15 ноябрь куни Грузия, 18 ноябрь куни эса Туркияга қарши ўйин ўтказади.