Де Дзерби «Марсел»ни тарк этса, А Серия клубини бошқариши мумкин
«Марсел» бош мураббийи Роберто Де Дзерби фаолиятини Италия А Сериясида давом эттириши кутилмоқда. «Фиорентина» раҳбарияти истеъдодли мутахассисни жамоа бошқарувини топшириш учун асосий номзод сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда Calciomercato нашри хабар берди.
Ҳозирда мураббийнинг «Марсел»даги келажаги сўроқ остида қолмоқда ва Флоренцияликлар юзага келган ушбу вазиятдан унумли фойдаланиб қолмоқчи.
Маълумотларга кўра, клубнинг янги спорт директори Де Дзербини А Серияга қайтишга кўндириш учун бор кучини сафарбар этган.
Сўнгги кунларда тарқалган миш-мишларга қараганда, «Марсел» Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганидан сўнг, Де Дзерби истеъфо бериш ҳақида ариза ёзган. Гарчи клуб раҳбарияти ҳозирча бу қарорни қабул қилмаган бўлса-да, жамоа ичидаги муҳит анча таранглигича қолмоқда. Катта эҳтимол билан мураббий мавсум якунида Францияни тарк этади.
Италия клуби аллақачон келаси мавсум учун режалар тузишни бошлаган ва Де Дзербини «бинафшаранглилар» лойиҳаси учун идеал номзод деб ҳисобламоқда. Бироқ бу трансфер амалга ошиши учун ҳозирги мураббий Паоло Ваноли жамоани элитада олиб қолиши шарт. Эслатиб ўтамиз, А Сериянинг 23-туридан сўнг «Фиорентина» 17 очко билан турнир жадвалининг 18-поғонасида, яъни хавфли ҳудудда бормоқда.