Дарвин Нуньес МЛСга йўл олиши мумкин
«Ал-Ҳилол» ва Уругвай терма жамоаси ҳужумчиси Дарвин Нуньес фаолиятини АҚШнинг МЛС чемпионатида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Манбага кўра, «Атланта Юнайтед» клуби 26 ёшли форвард трансфери бўйича дастлабки музокараларни бошлаган.
Хабар қилинишича, Нуньес ва «Ал-Ҳилол» раҳбарияти ўзаро келишув асосида шартномани бекор қилиш эҳтимолини ҳам муҳокама қилган. Бироқ ҳозирча у саудиялик клуб билан амалдаги шартнома орқали боғланган.
Шу билан бирга, Нуньеснинг «Ал-Ҳилол»ни тарк этиши кутилмоқда. Сабаби, ўтган мавсумда у Саудия Про-лигаси ўйинларида деярли мунтазам майдонга тушмади.
2025/26 йилги мавсумда Дарвин Нуньес «Ал-Ҳилол» сафида барча мусобақаларда 24 та учрашувда иштирок этиб, 9 та гол ва 5 та голли узатма қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, саудиялик клуб уругвайлик ҳужумчини ўтган ёзда «Ливерпуль»дан 53 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Transfermarkt портали Нуньеснинг ҳозирги бозор қийматини 20 миллион евро деб баҳоламоқда. Унинг «Ал-Ҳилол» билан шартномаси 2028 йилнинг ёзигача амал қилади.