Дарвин Нуньес «Барселона»га ўтиши мумкин
«Ал-Ҳилол» ва Уругвай терма жамоаси ҳужумчиси Дарвин Нуньес «Барселона»нинг трансфер мақсадлари рўйхатидан ўрин олди. Бу ҳақда Испаниянинг Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манбага кўра, каталонияликлар «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альваресни трансфер қила олмаган тақдирда, Нуньес асосий муқобил вариантлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Қайд этилишича, уругвайлик футболчи ва унинг атрофидагилар «Барселона»нинг янги ҳужумчи излаш жараёнини диққат билан кузатмоқда. Улар Дарвин нисбатан арзон маблағ эвазига каталония клубига ўтиши мумкинлигига ишонмоқда.
27 ёшли ҳужумчи 2025/26 йилги мавсумда «Ал-Ҳилол» сафида 24 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони клуби Нуньесни ўтган ёзда «Ливерпуль»дан 53 миллион евро эвазига сотиб олган эди.
Transfermarkt маълумотига кўра, ҳозирда футболчининг бозор қиймати 20 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг «Ал-Ҳилол» билан тузган шартномаси 2028 йил ёзигача амал қилади.