Дани Карвахал фаолиятини Мадрид клубида давом эттириши мумкин
«Реал Мадрид»нинг собиқ сардори Дани Карвахал фаолиятини «Хетафе»да давом эттириши мумкин. Ҳозирда эркин агент мақомида бўлган 34 ёшли ҳимоячи Мадрид клубига ўтиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Карвахал «Хетафе» вариантига ижобий қарамоқда. Бунга клубнинг унинг уйига яқинлиги ва бош мураббий Хосе Бордаласнинг футболчига шахсан мурожаат қилиб, жамоадаги ролини тушунтиргани сабаб бўлган. Томонлар ўртасидаги музокаралар ижобий давом этмоқда, бироқ келишувни якунлаш учун клуб Ла Лигадаги маош лимитига мос ечим топиши керак.
Карвахал ёзда «Реал Мадрид» билан шартномаси якунлангач клубни тарк этган ва ҳозиргача янги жамоага қўшилмаган. Агар молиявий масалалар ҳал қилинса, унинг «Хетафе»га ўтиши яқин кунларда расмийлашиши мумкин.
Маълумот учун, Дани Карвахал «Реал Мадрид» асосий жамоаси сафида 451 та учрашув ўтказиб, 14 та гол урган ва 27 та соврин, жумладан 6 та Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган.