Дани Алвес профессионал футболга қайтиши мумкин
Аввал «Барселона» ва Бразилия терма жамоаси сафида тўп сурган Дани Алвес профессионал футболга қайтиши мумкин. Бу ҳақда The Touchline нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 42 ёшли бразилиялик Португалиянинг учинчи дивизионида иштирок этаётган «Сан-Хуан-де-Вер» клубида фаолиятини давом эттириш вариантини кўриб чиқмоқда. Қайд этилишича, Алвес яқинда ушбу клубнинг ҳаммуассисига айланган ва айни пайтда футболчи сифатида майдонга тушиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланмоқда.
Шу билан бирга, манба Дани Алвес 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси сафида ўйнаш орзусидан ҳам воз кечмаганини таъкидлайди. Гарчи унинг мундиалда иштирок этиш эҳтимоли жуда паст бўлса-да, тажрибали футболчи бу мақсад сари интилишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган баҳорда Дани Алвес жиноят иши бўйича оқланган, у бир йилдан ортиқ вақтни қамоқда ўтказганди.