Дани Алвес Португалия клубини сотиб олмоқчи
Аввал «Барселона» ва Бразилия миллий жамоаси сафида тўп сурган Дани Алвес Португалиянинг учинчи дивизиони — Лига 3 да иштирок этаётган «Сан-Хуан-де-Вер» футбол клубини сотиб олиш ниятида. Шунингдек, тажрибали футболчи яқин олти ой ичида профессионал футболга қайтиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.
Дастлабки режага кўра, Алвес жамоа сафида футболчи сифатида майдонга тушиш билан бирга, маъмурий ва спорт бошқаруви билан боғлиқ вазифаларни ҳам бажариши мумкин. У дебют ва фаолиятини қайта бошлашни келаси мавсумдаёқ амалга оширишни режалаштирмоқда.
Дани Алвес 2023 йилдан буён майдонга тушмаган. Ўша йили у Испанияда жинсий зўравонлик айблови билан ҳибсга олинган, иш бир йилдан ортиқ давом этган ва футболчи қамоқда бўлган. 2024 йилда у тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бироқ 2025 йилда суд далиллар етарли эмаслиги сабабли айблов ҳукмини бекор қилди.
Фаолияти давомида Дани Алвес «Барселона» сафида олти бор Испания чемпиони, уч марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган. Шунингдек, у «Севилья» билан икки марта УЕФА кубогини қўлга киритган, «ПСЖ» таркибида эса икки бор Франция чемпионлигини нишонлаган.