Дани Алвес озодликка чиқарилди
Футбол
Насрулло Каримов
Журналист
ФОТО: Reuters
Каталониянинг “Барселона” клуби ва Бразилия терма жамоаси собиқ футболчиси Дани Алвес оқланиб, озодликка чиқарилди. Бу ҳақда RMC Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, Испания Олий судининг Жиноят ишлари бўйича палатаси Алвесга чиқарилган ҳукмни (4,5 йиллик қамоқ жазоси) жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари жиддий далиллар йўқлиги сабабли бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, собиқ футболчи жинсий зўравонликда айбдор деб топилиб, 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бир йиллик қамоқдан сўнг Барселона суди Алвесни ҳукм устидан апелляция шикояти кўриб чиқилгунга қадар 1 миллион евро гаров эвазига қўйиб юборганди.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Дани Алвес қамоқда ноҳақ ўтказган вақти учун товон пули олиши мумкин.