Дана Уайт UFC тарихидаги энг шафқатсиз қарама-қаршиликлар топ-бешлигини маълум қилди
Унга кўра, Ҳабиб — Конор жанги биринчи ўринга қўйилди.
ФОТО: Getty Images
UFC раҳбари Дана Уайт ташкилот тарихидаги жангчилар ўртасидаги даражаси энг юқори бўлган бешта асосий қарама-қаршиликни санаб ўтди.
«Агар UFC тарихидаги рақиблар ўртасида чинкам нафрат мавжуд бўлган топ-5 жанг ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ушбу тўқнашувни (Чимайев — Стрикленд) иккинчи ўринга қўйган бўлардим — фақатгина Конор Макгрегор ва Ҳабиб Нурмагомедов ўртасидаги жангдан кейин.
Конор ва Ҳабиб жанги юқорироқ туришининг ягона сабаби — ўша баҳсдан олдин Бруклинда содир бўлган воқеалар, бутун тарғибот жараёни ва жанг арафасидаги ҳодисалардир. Бироқ бўлажак жанг ҳам жуда шиддатли бўлиши аниқ. Бир-бирини кўра олмайдиган дунёнинг икки энг кучли жангчиси — бу ажойиб оқшом бўлишига ишора бермоқда», — деди Уайт «WFAN Sports Radio» эфирида.
Насрулло Каримов
Журналист