Чемпионлар лигасида гол уриш бўйича янги рекорд ўрнатилди
21 ва 22 октябрь кунлари УЕФА Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувлари ўтказилди. Ушбу турда жами 18 та ўйин бўлиб ўтди ва жамоалар 71 та гол уришга муваффақ бўлишди.
УЕФА матбуот хизмати хабарига кўра, бу натижа турнир тарихидаги энг юқори голлар сони бўйича янги рекорд ҳисобланади. Аввалги рекорд — 18 та ўйинда 67 та гол — мусобақа тарихида икки бор қайд этилган: жорий мавсумнинг 1-турида ва ўтган йилги Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-турида.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни ўтказилган дастлабки 9 та учрашувда 43 та гол урилган бўлса, иккинчи ўйин кунида жамоалар 28 бор рақиб дарвозасини ишғол қилишган. Шу тариқа, Чемпионлар лигаси тарихида илк бор бир тур доирасида 70 тадан ортиқ гол киритилди.
Маълумот учун, айни дам турнир жадвалида «ПСЖ» 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Бавария» ҳам шунча очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. «Интер», «Арсенал» ва «Реал»да ҳам 9 очкодан мавжуд ҳамда жамоалар мос равишда 3—5-ўринларни эгаллаб турибди.