«Челси» Жоао Педрони сақлаб қолмоқчи: янги шартнома ва оширилган маош тайёр
Лондоннинг «Челси» клуби ҳужумчи Жоао Педро билан узоқ муддатли янги шартнома имзолаш арафасида турибди. Бу ҳақда машҳур трансфер инсайдери Фабрицио Романо хабар берди.
Манба маълумотига кўра, томонлар ҳамкорликни давом эттириш бўйича оғзаки келишувга эришган. Яқин кунлар ичида расмийлаштирилиши кутилган янги битим 24 ёшли бразилиялик футболчини 2033 йилнинг июнигача клубда олиб қолади. Шунингдек, янги шартнома доирасида унинг маоши ҳам оширилади.
Романонинг таъкидлашича, «Челси» Жоао Педро бўйича учта топ-клубдан келиб тушган таклифларни рад этган. Лондонликлар ҳужумчини жамоанинг асосий ва дахлсиз футболчиларидан бири деб ҳисобламоқда ҳамда унинг трансферини муҳокама қилиш ниятида эмас.
Форвард ўтган ёзда «Брайтон»дан 63,7 миллион евро эвазига «Челси» сафига келиб қўшилган эди. У ўтган мавсум барча мусобақаларда 53 та учрашувда майдонга тушиб, 23 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди.