«Челси» XXI асрда илк бор АПЛда учта ўйинда бирорта ҳам гол ура олмай мағлуб бўлди
«Челси» Англия Премьер-лигасининг 32-тури доирасидаги баҳсда «Манчестер Сити»га имкониятни бой берди (0:3). Шу тариқа, «кўклар» 1998 йилдан бери илк бор АПЛда кетма-кет учта ўйинда гол ура олмай мағлубиятга учради. Бу ҳақда Squawka нашри хабар бермоқда.
Лиам Розеньор шогирдлари ушбу муваффақиятсиз серия давомида «Ньюкасл» (0:1), «Эвертон» (0:3) ва «шаҳарликлар»га имкониятни бой беришди.
Маълумот учун, 1997/1998 йилги мавсумда лондонликлар АПЛда кетма-кет тўрт марта рақиб дарвозасига йўл топа олмай ютқазган эди — ўшанда мағлубиятлар «Арсенал» (0:2), «Лестер Сити» (0:2), «Манчестер Юнайтед» (0:1) ва «Астон Вилла» (0:1) билан ўйинларда қайд этилган. Ўша мавсум якунига кўра «Челси» тўртинчи ўринни эгаллаган эди.
Айни дамда «Челси» 48 очко билан АПЛ турнир жадвалида олтинчи поғонани эгаллаб турибди. 33-турда жамоани 18 апрель куни «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашув кутмоқда.