«Челси» ва яна учта клуб «Ювентус» яримҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда
Италиянинг «Ювентус» клубига тегишли бўлган ва ҳозирда ижара асосида Англиянинг «Ноттингем Форест» жамоасида тўп суриб юрган яримҳимоячи Дуглас Луисга бир қатор клублар қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда журналист Николо Скира маълум қилди.
Манбага кўра, 27 ёшли бразилиялик футболчининг хизматларига «Челси», «Астон Вилла», Бразилиянинг «Васко да Гама» клуби ҳамда Нидерландиянинг «Аякс» жамоаси қизиқиш билдирмоқда. Қайд этилишича, Дуглас Луис январ ойидаги трансфер ойнасида «Ноттингем Форест»ни тарк этиши мумкин.
«Ювентус» футболчини тўлиқ трансфер асосида қўйиб юборишга тайёр. Туринликлар ижара + мажбурий сотиб олиш шарти билан амалга ошириладиган битим учун 28,5 млн евро талаб қилмоқда», — деб ёзди Скира.
Жорий мавсумда Дуглас Луис Англия Премьер-лигасида саккизта учрашувда майдонга тушди. Шунингдек, у Европа Лигасида тўртта ўйин ўтказиб, битта голли узатмани амалга оширган.