“Челси” ва “Манчестер Сити” Швеция чемпионатининг иқтидорли ҳужумчиси учун курашмоқда
Англиянинг икки гранди — “Челси” ва “Манчестер Сити” Швециянинг “ИК Сириус” клубида тўп сураётган шотландиялик ҳужумчи Робби Юрни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. CaughtOffside хабарига кўра, ҳар икки клуб футболчининг трансфери бўйича вазиятни диққат билан кузатмоқда ва музокараларни бошлаб юборган.
22 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда ажойиб спорт формасини намоён этмоқда. У Швеция чемпионатидаги сўнгги 14 учрашувда 15 та гол уришга муваффақ бўлди. Умуман олганда эса, Робби Юр “ИК Сириус” сафида 49 та ўйинда майдонга тушиб, 31 та гол муаллифига айланган.
Манбага кўра, футболчига фақат “Челси” ва “Манчестер Сити” эмас, балки Европанинг яна бир қатор топ клублари ҳам қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Улар орасида “Арсенал”, “Тоттенҳем”, “Ньюкасл”, “Милан”, “Наполи”, “Монако”, “Лилль”, “Галатасарай”, “Фенербахче” ва “Бешиктош” ҳам бор.
Ҳозирча Робби Юрнинг трансфери бўйича расмий келишув мавжуд эмас. Бироқ ёзги трансфер ойнасининг якуннига қадар Англия грандларидан бири унинг трансферини амалга ошириши мумкинлиги айтилмоқда.