«Челси» ва «Ливерпуль» Каваминга учун курашга киришди
Лондоннинг «Челси» клуби «Реал» яримҳимоячиси Эдуарду Кавамингани қўлга киритиш борасида «Ливерпуль»га жиддий рақобат туғдириши мумкин. «Кўклар» франциялик футболчига бўлган қизиқишни Энсо Фернандеснинг жамоадаги келажаги сўроқ остида қолаётгани фонида кучайтиришган. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, айни дамда «Челси» ва «Ливерпуль» Каваминганинг яқинлари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирча бу борада мерсисайдликлар бироз илгарилаб кетишган. Аввалроқ журналист Маттео Моретто «қироллик клуби» 23 ёшли ўйинчи учун 50 миллион евро миқдоридаги таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканлиги ҳақида маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, Эдуарду Каваминга жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 33 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва битта самарали узатмани ёздириб қўйди. Футболчининг Мадрид клуби билан амалдаги меҳнат шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ўйинчи ҳозирги бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этмоқда.