«Челси» ва «Арсенал» Мурильога қизиқиш билдирмоқда
«Челси» ва «Арсенал» «Ноттингем Форест» ҳимоячиси Мурильога жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бразилиялик футболчини «Барселона» скаутлари ҳам кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Caught Offside хабар берди.
Манбага кўра, Мурильо «аристократлар» бош мураббийи Энцо Мареска талабларига тўлиқ жавоб беради — у тўп билан ишлашда аниқ, ҳужумларни орқа чизиқдан бошлай оладиган замонавий марказий ҳимоячи сифатида баҳоланмоқда.
«Ўрмончилар» 23 ёшли футболчининг нархини 80–90 миллион евро атрофида белгилаган. Клуб уни сотишни истамайди, бироқ мазкур суммага яқин таклифлар тушса, кўриб чиқишга тайёр.
Жорий мавсумда Мурильо барча мусобақалар доирасида 12 та ўйин ўтказиб, битта гол урган. Унинг «Ноттингем Форест» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали бразилиялик ҳимоячининг бозор қийматини 55 миллион евро деб баҳолаган.