\"Челси\" Тайрик Жоржни \"Эвертон\"га сотишга рози бўлди
"Челси" академияси тарбияланувчиси Тайрик Жорж фаолиятини "Эвертон"да давом эттиришга яқин турибди.
Хабарларга кўра, клублар 20 ёшли қанот ҳужумчисининг трансфери борасида келишувга эришган. Битим қиймати 24 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Бундан ташқари, шартномада 6 миллион фунтгача бонуслар ҳамда футболчининг кейинги трансферида "Челси" фойдасига 15 фоизлик улуш ҳам назарда тутилган.
Тайрик Жорж ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида "Эвертон" сафида ўтказиб, жамоа мураббийлар штабида ижобий таассурот қолдирди. Шундан сўнг мерсисайдликлар футболчини тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокараларни давом эттириб, якунда келишувга эришди.
Шу тариқа, "Челси" ёзги трансфер ойнасидаги навбатдаги трансферини амалга оширмоқда, "Эвертон" эса истиқболли қанот ҳужумчисини доимий асосда ўз сафида олиб қолишга муваффақ бўлди.